ЗАМИРА
Замира 21 ёшида ота-онасиз қолди – улар бу оламни тарк этишди. Яшаш учун маблағлари, маълумоти бўлмаган қиз майда ишларни бажариб, кунини кўрар эди. Бироқ кичкина шаҳарчада иш деярли йўқ эди.
Замира Умида билан танишиб қолди ва у унга маҳсулотлар билан ёрдам берар, гоҳида вақтинча ишга ҳам жойлаштириб қўяр эди. Улар дўстлашиб қолди. Замира дугонасига бутунлай ишонарди, унга ўз сирларини айтарди ва қувончлари ҳамда муаммолари билан ўртоқлашарди. Кунларнинг бирида Умида Туркияга кетиб қолди.
Бир оз вақт ўтгач, у телефон қилиб, Замира учун яхши иш топиб қўйганини айтди. “Ишга жойлашасан, пул йиғиб оласан, ундан кейин туркка турмушга ҳам чиқасан”, - деб кўндиришга тушди Умида.

Замирага электрон чипта юборишти. Умиданинг милициядаги таниши Замирага халқаро паспортни қисқа муддат ичида расмийлаштириб берди. Истамбулда уни Умида кутиб олди ва шаҳардан узоқда жойлашмаган уйга олиб борди.
Замирага замонавий урфдаги кийимларни сотиб олишди ва таблетка беришти. “Бу иқлимга кўникишинг учун”, - деб айтди Умида.

Замира ўзини яхши ва ҳотиржам хис этарди, бундай таблеткаларни унга кунига 2-3 маротаба беришарди.
Кунларнинг бирида Умида Замиранинг хонасига кириб, дўқ-пўписа билан ишлашни бошлаш ва қарзни – кийим-кечак, чипта, овқат учун 5 мингни қайтариш пайти келганлигини айтди….

Умида жуда қўпол гапирарди ва ўзига умуман ўҳшамас эди. Умиданинг ўртоқлари Замирани дўппослашди.
Сўнгра уни зўрлашди. Замиранинг қаршилик кўрсатишга ҳаттоки кучи ҳам йўқ эди. Шу кундан бошлаб, Замиранинг олдига 5-6 талаб эркаклар кира бошлади. Таблеткалар туфайли у гўёки мастдек эди. Умида Замирага ҳар куни фотосуратлар бериб, уларни танишларига юборишини айтиб таҳдид қилар эди.

3 ой ўтгач Замира бу шароитга кўникиб кетди, чунки уйдан чиқа олмасди – уни қўриқлашарди. Уйга ҳам қайта олмасди – унинг яқинларига фотосуратлар аллақачон юборилган эди. Замиранинг қочадиган жойи йўқ эди.
Уй қўриқчиларидан бири унга турмушга чиқишни таклиф қилди. Мансур оила қуришни, Янги оламга, Янги мамлакатга биргаликда кетиб, ўзларини оилага, болаларига ва иймонга бағишлашни таклиф қилди.

“Бизнинг уйимиз бўлади ва сенинг ишлашинга тўғри келмайди, ўзимизни Оллохга бағишлаймиз”,- деб айтди Мансур.
Мансур ҳаммасини уюштирди ва кунларнинг бирида улар Замира билан тунда уйдан кетиб қолишди. 5 кун машинада давом этган оғир йўлдан сўнг улар шаҳаргача етиб боришди ва у ерда ўртача уйда жойлашишди.
БУ БЕГОНА БИР УЙ ЭДИ.

Мансур аввалги уй эгаларини эслатадиган барчасини ташлаб юборди. Уйда тез-тез чироқ ўчиб турарди, ундан сўнг сув ҳам келмай қўйди. Лекин Мансур овқат олиб келарди ва Замирани бор юраги билан севарди. Замира уй ишлари билан шуғулланар эди, Мансур уйга кам келарди.

Улар қочган пайтдан бошлаб, Замира ёпиқ кийимларни кийиб юрарди, намоз ўқишни ўрганди ва турмуш ўртоғи айтган ҳамма нарсани қиларди - Мансур олиб келган китоблар ўқирди, дискларни кўрарди. Замира, у фақат мусулмонлар Шариат қонунлари бўйича яшайдиган янги давлатда, янги ҳаёт учун яшаётганига ишона бошлаган эди.
Улар яшаётган Шаҳарда тез-тез ўқ овозлари, портлашлар эшитила бошлади. Жанговар ҳаракатлар тобора шаҳарга яқинлашиб келаётганди.

Бир сафар Мансур узоқ пайт уйга қайтмади ва бир ҳафта ўтгач Замирага у қўшни шаҳарда ўқ ёмғири остида ҳалоқ бўлганини хабар қилишди.
Шу куни Замира дунёга қизни келтирди. Қўшни уйлардаги аёллар унга икки ой мобайнида қарашиб туришди, ундан кейин эса Замиранинг олдига бир эркак киши келиб, унга ва фарзандига ғамҳўрлик қилишини айтди. Никоҳдан сўнг улар бирга яшашни бошлади.

Замиранинг янги эри Мустафо Афғонистоннинг этник ўзбекларидан эди. У ҳам уйдан бир неча кунга кетиб турарди. Замира бошқа қирғиз, ўзбек, тожик аёллар билан араб тилини ўрганишни бошлади. Энди ҳарбий ҳаракатлар уларнинг шаҳрида ҳам ўтаётган эди. Мустафо шафқатсиз одам эди, Замирага тез-тез қўлини кўтарарди ва ҳаттоки икки яшар қизига ҳам тегиб қоларди. У қизчани бир четга улоқтириши мумкин эди. Замиранинг овқат тайёрлаш учун ҳеч нимаси бўлмаганида эса, уни лой ейишга мажбур қиларди.

Кунларнинг бирида Мустафо уйга қайтиб келмади. У ҳалок бўлган экан. Ўша куни шаҳар кучли ўқ ёмғири остида қолди. Кўплаб эркаклар ҳалок бўлди, айримлар шаҳардан қочиб кетди. Ҳарбийлар шаҳарни эгаллаб олди.
Эртаси куни ҳарбийлар барча аёл ва болаларни тўплаб, шаҳардан олиб чиқдилар.

Уларни палаткалардан ташкил топган шаҳарга олиб келишиб, бу ерда улар икки ойга яқин яшашди. У пайтга келиб, Замиранинг қизи тез-тез касал бўлиб қоларди, доимо йиғларди. Палаткалар шаҳрида тиббий ёрдам пункти, шифокорлар бор эди. Замира уйи ҳақида ўйлана бошлади. Аёллар ва болаларни ўз Ватанларига қайтаришлари мумкинлиги ҳақида гаплар тарқала бошлади. Бу пайтда у қирғизистонлик Наргиза билан дўстлашган эди. Наргиза мамлакатидан турмуш ўртоғи билан бундан 5 йил аввал кетган эди, бу ерда у иккита фарзандни дунёга келтирди.

Аксарият аёллар Ватанларига қайтишни исташар эди.
Бир куни Замиранинг олдига ҳарбийлар келиб, таржимон орқали у билан узоқ вақт гаплашишди, аллақандай қоғозларни тўлдиришди, унинг ҳикоясини ёзиб олишди, паспортини олиб қўйишди.

Вақт ўтгач, Замира қизи билан Ўзбекистонга қайтиб келди. Улар трапдан энди тушишар экан, аёллар ҳўнграб йиғлаб, ерни ўпишар эди. У Ватан ҳидини эслади.

Замира кўз ёшларини тутиб тура олмасди, чунки орадан жуда кўп йиллар ўтгач, у ва унинг фарзанди хавфсизликда эканлигини хис этди, у эркинлик туйғусини хис этди.
Ҳозирда у Ўзбекистонда, қариндошларидан узоқда жойлашган кичкина шаҳарчада яшамоқда.

У янги ҳаётни бошлади.
Замира янги касбни ўрганмоқда.
Қизи болалар боғчасига бормоқда.
Мазкур веб-сайт Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида тайерланди.
Ушбу веб-сайт мазмуни учун Internews жавобгар ҳисобланади ва у Европа Иттифоқининг нуқтаи назарини акс эттирмайди

Контент тўғри акс эттирилиши учун, сайтни компьютердан кўриш тавсия этилади.



Ҳикоянгиз билан ўртоқлашинг →